Профессионал рингда мағлубиятни билмаётган италиялик профессионал боксчи Кармине Томассон Рио-де-Жанейродаги Олимпиадада илк учрашувини ўтказди ва  Олимпиадада иштирок этаётган илк профессионал боксчи бўлди. 60 кг вазн тоифасида Томассон дастлабки учрашувида ҳакамларнинг бир овозлик қарори билан мексикалик боксчи Линдольфо Дельгадони ютди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро ҳаваскорлик бокс уюшмаси профессионал боксчиларга Олимпиадада иштирок этишга рухсат берганди. Бироқ Бутунжаҳон боксчилик кенгаши (WBC) ва Халқаро бокс федерацияси (IBF) ўз рейтингидаги боксчиларга Олимпиадада иштирок этишни тақиқлади, чунки профессионал боксчиларнинг Олимпиадада иштирок этишларини спортга хос бўлмаган ҳаракат деб ҳисобламоқда. Бу ташкилотларнинг фикрича, бундай учрашувлар ҳаваскор боксчилар соғлиғига хавф солиши мумкин.