Ислом динига эътиқод қилувчи америкалик қиличбоз аёлнинг  маълум қилишича, мамлакатдаги аксилмусулмон кайфият туфайли у ўзини хавфсиз муҳитда ҳис қилмаяпти. Бу ҳақида Independent нашри маълум қилди

30 ёшли Ибтиҳож Муҳаммад ҳозирда Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинларида қиличбозлик бўйича АҚШ давлати номидан иштирок этмоқда. У дунё миқёсида 8-ўринни эгаллайди. Ибтиҳож 2012 йилда қўлидаги жароҳати сабаб Лондонда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларини ўтказиб юборган. 

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида соғлиқ ва хавфсизлик масалаларига кўп тўхталиб ўтилди, бунга жавобан Муҳаммад АҚШда ҳам ўзини хавфсиз ҳис қилмаслигини айтди. 

"Мен ўзимни ҳар доим хавф остида деб ҳисоблайман. Мени кетимдан кузатиб, полицияга хабар беришгача боришган", - деди у Daily Beast нашрига. "Нью-Йоркда 7- ва 28-саналарда шундай бўлди". 

"Одамлар мени қандайдир янгилик сифатида қабул қилмасликларини истардим. Мен шунчаки ҳижоб ўраган муслима аёлман", - дейди спортчи. 

Нью-Жерсида таваллуд топган спортчи Америкада мана шундай муносабатлар қайта кўриб чиқилиши кераклигини таъкидлади. 

"Инсонлар атрофда содир бўлаётган воқеалар бизга қанчалик қийинчилик туғдираётганини билишларини истардим, чунки улар биз кўзимиз билан кўрган ҳодисаларга яқин ҳам келишмаган. Биз давлат сифатида ўзгаришимиз керак ва бунинг учун ҳозир қулай фурсат келганлигини ҳис қиляпман", - деди у.