Бугун олимпиаданинг иккинчи куни. Иккинчи куни яна 6 нафар ўзбекистонлик спортчи баҳсларда ўз имкониятини синовдан ўтказади.

Академик эшкак эшиш, эркаклар, яккалик, 2000 метр
Шаҳбоз Холмурзаев бугун чорак финалга чиқиш учун қўшимча саралаш мусобақасида қатнашади. Бу босқичда гуруҳларда дастлабки иккита ўринни эгаллаган спортчилар кейинги босқичга чиқишади. Бошланиш вақти — 16:30 (Тошкент вақти).

Стол тенниси, эркаклар. Иккинчи босқич
Зоҳид Кенжаев кеча чехиялик теннисчини мағлуб этиб, иккинчи босқичга йўл олганди. Бугун у Буюк Британия вакили Лиам Питчфордга қарши баҳс олиб боради. Британиялик спортчи дунё рейтингида 28-ўринни банд этиб турибди. Бошланиш вақти — 18:00.

Зоҳид Кенжаев ушбу спортчи тўсиғидан ўтса, навбатдаги босқичда хитойлик Ма Лонг билан баҳслашади. Учинчи босқич ўйини бугун Тошкент вақти билан соат 22:30га белгиланган.

Дзюдо, эркаклар, 66 кг
Бугун дзюдо бўйича эркаклар 66 кг, аёллар 52 кг. вазнда беллашувларни ўтказишади. Эркаклар мусобақасида Ўзбекистон вакили Ришод Собиров баҳсларга киришади. Қуръага кўра, 1/16 финал босқичида у беларуслик Дмитрий Шершанга қарши татамига чиқади. Ришод ғалаба қозонса, нимчорак финалда Жо Махит (Вануату ороллари) / Жейми Мата (Аруба ороллари) жуфтлиги ғолибига қарши татамига чиқади. Дзюдо баҳслари соат 18:00дан старт олади. 

Теннис, эркаклар, яккалик
Ўзбекистонлик теннисчи Денис Истомин олимпиададаги илк ўйинини ўтказади. У Давид Феррерга қарши кортга чиқади. Испаниялик спортчи мусобақада 8-рақам остида таснифланган. Бошланиш вақти — 19:00.

Бокс, эркаклар, 69 кг
Шаҳрам Гиясов ўз фаолиятида илк марта Олимпиадада иштирок этмоқда. Дастлабки саралаш босқичида унга испаниялик Юба Сиссокога қарши рингга кўтарилади. Бошланиш вақти — 01:45.

Спорт гимнастикаси, аёллар, умумий
Ўз фаолиятида еттинчи олимпиадада иштирок этаётган Оксана Чусовитина бугун умумий (4та йўналишни ўз ичига олган) саралаш баҳсларида иштирок этади. 41 ёшли спортчи бугунги натижалар орқали умумий ва алоҳида йўналишлар бўйича финал йўлланмасини қўлга киритишга уриниб кўради.