“Яхшилик нур келтирар, ёмонлик — зулмат”, деганларидек айрим инсонларнинг қилган яхшиликлари бир умр ёдимиздан кўтарилмайди. Танишим Рустам ака Зуҳра хола ҳақида ёзишимни илтимос қилди ва улар ҳақида гапириб берди...

“Зуҳра хола вафот этибди”, деган шумхабарни эшитган инсон зоти борки, уларникига ошиқди. “Эссиз, шундай жаннати аёл ҳам ўладими”, дея ҳатто эркаклар ҳам кўз ёши қилиб олишди. Сўнгра Зуҳра холани сўнгги манзилга қўйиб келишди, аммо бу хонадонга ҳалигача аяни эслаб, узоқ-узоқлардан одамлар келиб туришади. Буни мен ўз кўзим билан кўрганлигим учун айтаяпман. 

Зуҳра хола пойтахтимизнинг Юнусобод тумани, Абдураҳмон Жомий маҳалласида яшарди. Аянинг оламдан ўтганини эшитиб, Қорақалпоғистоннинг Манғит туманидан келишга имконим бўлмаганди. Кеч бўлса-да, уларнинг руҳи покларига Қуръон тиловат қилиб кетай, дея бу хонадонга бош урдим. Зуҳра холанинг қилган яхшиликлари, биз мусофирларга қилган оналарча меҳрибонликлари, ғамхўрликлари эсимга тушиб кетди...

Ўшанда биз ўнтача йигит Пўлат ва Фарҳод ака бригардирлигида иш излаб, Тошкентга келдик. Бизлар уй қурилиши билан шуғулланардик.

Кунларнинг бирида бизга олижаноб инсон учради. Уникида уч йил меҳнат қилдик. Уларнинг девор-дармиён қўшниси Зуҳра хола бу ерга келган кунимизнинг эртасигаёқ бир тоғора ош дамлаб чиқиб, бизларни лол қолдирганди.

“Укаларим, болаларим, сизлар ҳам менинг фарзандларимдек инсонсизлар. Йўқ демасдан мана шу паловни еб олинглар. Ахир ҳамма жойда ҳам мусофирнинг ҳақи бўлади. Менга эса савоб керак. Уялманглар, енглар. Кўра била туриб, мусофирларга бир товоқ ош беролмасам, нима қилиб юрибман бу дунёда?”, деди.

Фариштадек бўлиб турган бу аёлнинг гапларини эшитиб, кўзларимиздан ёш тирқираб кетди. Чунки бизларни ҳам инсон деб қадрлайдиган одамлар, оналар борлигига иймон келтирдик. Зуҳра хола тоғорасини сўрига қўйиб кетгач, барчамиз иштаҳа билан енг шимариб, уларни дуо қилиб, паловни паққос туширдик.

Шундан сўнг ҳам Зуҳра хола ҳар куни бизларга нималарнидир илиниб олиб чиқадиган бўлди. Бизлар бу аёлни худди онамиздек яхши кўриб қолдик.

Куз фаслида Зуҳра холанинг дарвозаси олдига экилган ёнғоғи пишди. Бизнинг йигитларимиз шу ёнғоққа аҳён-аҳёнда қўл чўзадиган бўлишди. 
Бир куни хола бизнинг олдимизга икки челак ёнғоқни “Енглар, қувват бўлади”, деб ташлаб кетди. Ёнғоқ ўғирлаганимизда хижолат бўлиб, холанинг кўзларига анча вақтгача қарай олмадик. 

Бир куни орамиздаги шўх-шаддодгина йигитимиз Улуғбек Зуҳра холанинг ҳовлисида ғарқ бўлиб пишган, сап-сариқ тиллодек товланиб турган хурмосига ҳаваси келибди. Холадан сўраб олишга ийманиб, ўзича “Ҳеч ким кўрмайди. Тўрт-бештасини олсам нима қилибди? Камайиб қолармиди?”, деб ўйлабди-да, секин томдан ошиб, хурмо дарахтига чиқибди.

Буни бехосдан Зуҳра хола кўриб қолибди. Бироқ индамабди. Улуғбек шоша-пиша қўйнига беш-ўнта хурмони солиб, яна томга чиқиб кетибди. 

Ўша куни биз Улуғбекни роса койидик. У бўлса нуқул “Нима қилибди? Ахир мени ҳеч ким кўрмадику?”, дея биздан ранжиди.

Эртаси куни Зуҳра хола икки челак хурмо кўтариб чиқди. Ҳайрон бўлдик.

— Укаларим, болаларим, мана шу хурмони енглар. Хоҳласангиз, уйларингга ҳам берворинглар. Мен мингдан-минг розиман. Кеча дераза ёнида хаёл суриб ўтиргандим. Бир йигитларингни хурмога осилаётганини кўрдим. Ҳовлига чиқсам, у мени кўриб қолиб, қочаман, дея шошилиб, дарахтдан қулаб тушиб, бирор жойи лат емасин, дея ўрнимдан турмадим. Ичимда “Эй Худо, шу йигит хурмодан йиқилиб тушмасин, бирор жойи синмасин”, дея илтижо қилдим. Хайрият йигитча эпчилгина экан, бир амаллаб яна томга чиқиб кетди. Кейин ўйланиб қолдим. Эртага яна уларнинг хурмо егиси келиб қолса, дарахтга чиқса, йиқилиб тушиб, бирор жойи синмасин. Шунинг учун ўзим вақтлироқ уларга хурмони бера қолай, дея тонгда болаларимга айтиб, уни уздирдим. Мана энди кўнглим хотиржам бўлди, — дея Зуҳра хола бизни яна лол қолдириб, уйига чиқиб кетди.

Мен Тошкентга келиб, Зуҳра холадек жаннати аёлни бир маротаба учратдим. Бундай аёлга бошим ерга теккунча таъзим қиламан. Илоё жойлари жаннатдан бўлиб, қабрлари нурга тўлсин. Донишмандларимиз “Мол ва бойликнинг умри қисқа, тезда завол топади, аммо яхши ном узоқ асрлар ўлмай яшайди” деган экан. Бизнинг Зуҳра холамиз ҳам дилимизда ҳамон яшайди. Ая доимо бизга

“Қанийди, жума куни парвардигорнинг омонатини топширсам”, дерди.
Бу гапга фаришталар “омин” дейишган экан чоғи, Зуҳра холамиз жума куни оламдан ўтди.

Машойихларимиз бежизга “Сен “яхши” деган номдан иморат тиклашга урин, то одамлар бу иморат деворига номингни “Яхши“ деб ёзиб қўйишсин” дейишмаган.

Зуҳра холам аллақачоноқ бундай иморатни қад кўтарган зотлардан биридир. Бугунги кунда уларнинг бундай олижаноб ишларини ўғли Шоюсуф ака давом эттираяпти.

Хонбиби ҲИММАТ қизи