Киберхавфсизлик соҳасида фаолият олиб борувчи Check Point компанияси мутахассислари  Android платформасида камчилик топишди. Тахминларга кўра, 900 миллион смартфон ва планшетлар хавф остида. Бу ҳақида 8 август куни The Independent нашри маълум қилди. 

Ёвуз ниятли кимсалар Quadrooter номини олган камчилик ёрдамида Android-қурилмаларни тўлиқ бузиб киришлари мумкин. Боз устига, улар смартфон ва планшетлардан нафақат маълумот олиш, балки камера ва микрофонни ҳам бошқариш имконига эга бўлишлари мумкинлиги таъкидланмоқда. 

Камчиликдан ёмон ниятда фойдаланиш учун бузғунчилар гаджетда махсус илова ўрнатишса, бас. Шу мақсадда улар қурилма эгаларига зарар етказувчи ҳаволалар жўнатишади.  

Check Point вакилининг қўшимча қилишича, хавфсизлик борасидаги бундай муаммолар Qualcomm компаниясининг чипи қўлланиладиган смартфон ва планшетларда топилган. 

Qualcomm'да маълум қилишларича, камчиликни бартараф этадиган патч ишлаб чиқилган. Google'нинг кейинги янгиланишида унинг пайдо бўлиши кутилмоқда.