8-августдан GM Uzbekistan қўшма корхонасининг Андижон вилояти Асака шаҳридаги заводида йиллик режага мувофиқ, профилактика ишлари бошланди, деб хабар қилмоқда компаниянинг матбуот хизмати Facebook тармоғидаги саҳифасида.

«Ушбу амалиёт доирасида корхонадаги ускуна ва қурилмаларнинг техник ҳолати кўздан кечирилади, керак бўлса таъмирланади ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўрилади», — деб хабар қилади Газета.уз сайти. 

Компанияда маълум қилишларича, шунга қарамай, GM Uzbekistan тайёр маҳсулотларни мижозларга етказиб бериш бўйича барча шартномалардаги мажбуриятини ўз муддатида амалга оширади. Профилактика ишлари автомобилларни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш ишларига халақит бермайди. 

Матбуот хабарномасида таъкидланишича, Асака автомобиль заводи фаолияти тўхташининг профилактикадан бошқа сабаби мавжуд эмас. 

GM Uzbekistan компаниясининг Хоразмдаги «Хоразм Авто» шўъба корхонасида 2013-йилда ишга туширилгани боис, профилактика ишлари ўтказиш талаб қилинмайди ва ўз фаолиятини штатлар жадвали бўйича давом эттиради.