Сўнгги уч Олимпиададан бери терма жамоамиз ҳисобига биринчи медални дзюдочилар тақдим этишмоқда. Пекин ва Лондон Олимпиадаларида Ришод Собиров қаҳрамонлик кўрсатган бўлса, Риода 60 килограмм вазн тоифасида Диёрбек Ўрозбоев терма жамоамиз ҳисобига биринчи медални тақдим этди. Биз ушбу спортчимиз билан боғланиб, мусобақа таассуротлари ва умуман шахсий ҳаёти ҳақида кичик суҳбат ташкил қилдик.

– Олимпиада шоҳсупасининг таассуротлари қандай экан? Хаёлингиздан нималар кечди?
– Таасуротлар жуда ажойиб кичик орзуйимга етдим. Биринчи бор Олимпиадада иштирок этишим ва унда шоҳсупага кўтарилишим келгуси шундай турнирда, умуман бутун фаолиятимда ўзимда ғалабага бўлган ишончни анча оширди. Шоҳсупада турганимда менга умид билдирган барча инсонларнинг ишончини оқлаганимни, терма жамоамиз ҳисобига Риода илк медални тақдим этганимни ўйлаб жуда ҳам хурсанд бўлдим.

– Олимпиадада медаль олдингиз. Эндиги мақсад қандай?
– Айтиб ўтганимдек бу менинг учун кичик орзу эди. Энг катта орзуйим, албатта, чемпионлик. Бироз нафас ростлагандан кейин энди бор эътиборни Токио Олимпиадасига қаратаман.

– Энг ажойиб табрик кимдан бўлди?
– Албатта, ота-онамдан. Уларнинг хурсандчилик овозида мени табриклашлари мен учун энг катта совға. Менинг шундай муваффақиятимни кўриш уларнинг орзуси эди. Ота-онамни хурсанд қилган эканман, бу мен учун катта бахт.

– Маҳоратли дзюдочиликдан ташқари футболни ҳам яхши ўйнашигизга гувоҳ бўлганман. Сиз қайси жамоага мухлислик қиласиз?
– Кўпчилик ўғил болалар қатори мен ҳам ёшлигимда кўчада футбол ўйнаб катта бўлганман. Лекин дзюдога бўлган меҳрим барибир унга спортга қараганда кучли. Футбол ҳақида гапирадиган бўлсам, ҳа, бу спорт кўпчилик қатори менга ҳам ёқади. Севимли жамоам “Реал Мадрид”. Имкон қадар “Реал”нинг ўйинларини ўтказиб юбормасдан кузатиб бораман.

– Ҳазил аралаш жиддий савол: Сизни қачон тўйдаги “шоҳсупада” кўрамиз?
– Бу йил уйланиш ниятида эмасман. Кейинги Олимпиадагача ўз олдимга режалар тузиб чиқаман энди. Менимча, тўй келаси йилги режалар рўйхатига киритилади.

Нурали ЙЎЛДОШЕВ, Sports.uz