Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ғарб Туркияни мамлакатдаги давлат тўнтарувига уринишдан кейин ёлғиз қолдиришга қарор қилганини айтди. У бу ҳақда Le Monde француз газетасига берган интервьюсида маълум қилди.    

Эрдўғаннинг айтишича, Ғарб мамлакатдаги демократик қадриятларни ҳимоя қилган Туркияга ҳамжиҳатлик ва хайрихоҳлик билдириш ўрнига уни ёлғиз қолдиришга қарор қилди. Туркия президенти Ғарб вакиллари исённинг ҳибсга олинган иштирокчилари сони ва Фатҳулла Гулен тарафдорларининг тақиб қилинишини шубҳа остига қўйиши керакмаслигини айтди.   

"Charlie Hebdo’га ҳужумдан кейин бутун дунё бунга ўз муносабатини билдирди. Туркия бош вазири ўшанда Парижга йўл олганди. Ғарб етакчилари ҳам менинг давлатимда юз берган ҳодисаларга шундай муносабат билдириши ва Туркияга келишларини истардим", деб айтди Эрдўған.