Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев "Қирғизистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги ва 1916 йилги миллий-озодлик қўзғолонининг 100 йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида"ги қонунни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.   

Қонун биринчи марта 5 йиллик муддатга жазоланган балоғатга етмаганларни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолардан; 60 ёшдан катта эркаклар ва 55 ёшдан ошган аёлларни; I ва II гуруҳ ногиронларини; оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилишни назарда тутади. 

Қонун колония-қишлоқларда жазо ўтаётган шахсларнинг жазо муддатини ярмига, 10 йилгача жазоланганларнинг жазо муддатини учдан бирига қисқартиришни кўзда тутади.

Амнистия қотиллик, номусга тегиш, жинсий кўринишдаги бузуқ ҳаракатлар, жиноий даромадларни қонунийлаштириш, террорчилик, одамларни гаровга олиш, оммавий тартибсизликлар учун жазоланганларга татибиқ қилинмайди. 

Қонун 3 ой ичида бажарилиши лозим.