Ливан парламенти 8 августда мамлакат президентини яна сайлай олмади. Naharnet ахборот порталининг маълум қилишича, парламент спикери Набих Берри президент сайловини етарлича депутатлар йиғилмагани сабабли 42-маротаба бошқа санага кўчирди. Депутатлар палатасининг кейинги йиғилиши 7 сентябрда бўлиб ўтади.      

Овоз бериш жараёни бошланиши учун Пляс д’Этуаль саройида 128 депутатдан камида 86 нафари йиғилиши керак эди. Бироқ залда икки марта камроқ депутат йиғилган.

Ливан президенти лавозими собиқ президент Мишель Сулаймон Баабдедаги президентлик саройини 2014 йил 25 майда тарк этгандан бери бўш қолмоқда. Ливан диний тузилишига кўра, мамлакат президенти маҳаллий насронийлар орасида кўпчиликни ташкил қиувчи маронийлар жамоаси орасидан танланиши керак.

Депутатлар ҳанузгача мусулмонлар ва насронийлар партияларини қаноатлантирадиган президент шахси бўйича келиша олмаяптилар. 

5 сентябрга асосий парламент фракциялари ўртасида навбатдаги суҳбат ўтказилиши белгиланган. 8 августда Ливан бош вазири Тамам Салом давра суҳбати иштирокчилари муросага келиб, бўлғуси президент номини айтишларига умид билдирди. "Мамлакатдаги сиёсий тангликдан чиқиш давлат раҳбарини сайлашдан бошланиши лозим", деб айтди Салом.