Мексиканинг учта штатида "Эрл" тропик бўронидан ҳалок бўлганлар сони 41 нафарга етди, улардан 18 нафари балоғатга етмаган болалар бўлган, деб маълум қилди мамлакат ҳукумати.

Энг кўп қурбонлар Пуэбла штатида бўлди – 29 киши, яна 11 киши Веракрусда ва бир киши Идальго штатида ҳалок бўлган. Одамлар асосан ёмғирлар оқибатида содир бўлаётган кўчкилар остида ҳалок бўлмоқдалар. Мутахассисларнинг фикрича, бўрон ҳукм сураётган бир неча кун ичида мамлакатга 2014-2015 йиллар давомида ёпирилган 10 та тўфондан кўпроқ одам ўлган. Ўша йиллари қурбонлар сони 33 кишини ташкил қилганди. 

Мамлакат мудофаа вазирлиги жабр кўрган ҳудудлар аҳолисига ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлганларнинг жасадларини қидириш бўйича махсус режани амалга оширмоқда.

Мексика президенти Энрике Пенья Ньето ҳалок бўлганлар оилаларига ҳамдардлик билдирди ва жабр кўрган аҳоли пунтлари ва одамларга федерал ҳукумат томонидан ёрдам кўрсатилиши давом эттирилишига ваъда берди.

Бу орада Мексика миллий метеорологик хизмати мамлакатга янги "Хавьер" бўронининг яқинлашаётганидан огоҳлантирди. Бу бўрон Халиско, Наярит, Синалоа ва Қуйи Калифорния штатларига ёпирилади ва бу ерларда қаттиқ ёмғирлар ёғиши кутилмоқда.