«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо «Ювентус» жамоасидан Поль Погбанинг сотиб олиниши борасидаги фикрларини билдириб ўтди.

«У тиббий кўрикдан ўтса, бизнинг футболчи бўлади. Мен уни сешанба куни кутаман.

Биз ҳимоячи, хавбек, ҳужумкор ярим ҳимоячи ва ҳужумчи сотиб олдик. Бу жуда яхши иш бўлди.

Ростини айтсам, Погба учун қанча тўланаётгани ҳақида аниқ билмайман. Агар трансферлар борасида янги рекорд ўрнатилса, бундан хафа бўлишимиз эмас, аксинча, хурсанд бўлишимиз керак. «Реал»дагилар Бэйлни сотиб олишганида, бундан қайғуга тушишмаганди. Аксинча, улар бундан мағрурланишганди.

Албатта катта пул сарфланган. Лекин ҳозир футбол - ақлдан озган саноат. Ҳозир бу нарх қиммат кўриниши мумкин, 3 йилдан кейин эса, арзимас рақамга айланади.

Мен жуда фойдали ўйинчи олаётганимизни биламан. «Манчестер Юнайтед» – Погба учун уни керакли даражага олиб чиқа оладиган клуб.

Биз «МЮ»ни яна юқори чўққиларга олиб чиқишни истаймиз. Агар сен дунёнинг энг яхши футболчиси бўлишни истасанг, бу сен ўтишинг керак бўлган клубдир.

Бизда Погба учун керак бўлган барчаси бор. У бизни танлади, чунки у бу шаҳар ва клубни яхши билади. У «Манчестер Юнайтед»нинг бир қисмига айланишни истайди», – деган Моуриньо The Guardian нашрига.

Бундан олдинги хабарларда манкунианликлар 23 ёшли бу футболчи учун футбол тарихидаги рекорд даражада маблағ (110 миллион евро нақд ва 10 миллион евро бонус кўринишида) тўлаши ҳақида айтилганди.

«Ювентус»га Погба «МЮ» билан шартномасини узайтириши эвазига яна 5 млн евро берилиши мумкин.

«Манчестер Юнайтед» Погбанинг агенти бўлмиш Мино Райола билан ҳам шахсий шартнома бўйича келишувга эришган. Унга кўра, футболчининг маоши йилига 20 миллион еврони ташкил этади.

Манба: Tribuna.uz