Айни паллада қизғин тусга кирган Рио-2016 Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига дастлабки медални хоразмлик дзюдочи Диёрбек Ўрозбоев ҳадя этди. Мазкур муваффақиятдан руҳланган ўзбекистонликлар таҳририятга қўнғироқ қилишиб, ўз қувончларини изҳор этишмоқда. Улардан бири бўлмиш хоразмлик Бунёдбек Эгамберганов Диёрбек Ўрозбоевга бағишлаб табрик шеъри ёзган.

Зафар қучдинг шукр, балли Диёрбек,
Ишончин оқладинг мағрур халқингнинг.
Дуоси, олқиши, табриги сенга.
Ҳеч кимдан кам бўлма, жасур ўғлоним.

Ўзбекнинг ғурури ори ҳам сенда,
Жисмингда боболар шижоати бор!
Ватан дея тушсанг ҳар гал майдонга,
Ғалабанг тайиндир, шаънинг шарафкор.

Сендаги матонат, сендаги ғайрат,
Келгуси ғалабанг нишонасидек.
Рақибинг шведми ёки грузин,
Гўё улар асли сенга тенгмасдек.

Олға борвергин марралар сари,
Дунёга кўрсатгин ўзбекнинг кучин.
Ортингда мардона халқинг қўллайди,
Эзгу орзу учун, ғалаба учун!

Таҳририят томонидан спортчининг отаси Бахтиёр Авазовга қўнғироқ қилинди. 

М: "Ассалому алайкум Бахтиёр ака. Аввало, фарзандингизнинг улкан муваффақияти билан «Kun.uz» сайти жамоаси номидан чин қалбимиздан табриклаймиз. Айтингчи, айни дамда қандай туйғуларни бошдан кечирмоқдасиз?

Б.А: "Очиғи буни сўз билан тарифлашнинг имкони бўлмаса керак! Ҳаяжоним, хурсандчилигимнинг чек-чегараси йўқ. Ўғлимнинг медаль билан тақдирланганини эшитганимда, онаси билан ўзимизни қўярга жой топа олмай қолдик. Қариндошлар, дўст-биродарларимизнинг табрик йўллаб қўнғироқ қилишларидан ҳаяжонимиз янада ортди. Ўғлимнинг президентимиз, халқимиз, қолаверса, устозларининг ишончини оқлагани менда фахр туйғуларини пайдо қилди.

М: "Фарзандингизнинг болалиги даври ҳақида ҳам сўзлаб ўтсангиз?

Б. А: "Диёрбек тўрт фарзандимнинг иккинчиси. Мактабда аъло баҳоларга ўқиди. Болалигидан спортга қизиққанлиги боис, 3-синфлигида курашнинг самбо турига қатнади. 5-синфидан буён дзюдо билан мунтазам шуғулланиб келди. Дастлаб мураббийи Умирбек Давлетовдан сабоқлар олди. Ҳозирги кунда Жамшид Худойберганов билан машғулотлари олиб бормоқда. 

М: "Чемпионнинг отаси сифатида, фарзандининг чемпион бўлишини хоҳлаган ота-оналарга тавсияларингиз?

Б.А: "Ўғлим телевизор орқали спортчиларнинг тақдирланаётганларини кўриб ҳавас қилар эди. “Мен ҳам чемпион бўлишим керак” дея тинимсиз меҳнат қилди. Худога шукрки, ниятига эришди. Ота-оналарга берадиган маслаҳатим, биринчи галда фарзандининг қизиқишини инобатга олишсин. Шунга қараб керакли барча шарт-шароитларни яратиб беришсин. Ўғлимнинг фаолиятидан келиб чиқиб, яна шуни айтиб ўтишим мумкинки, чемпионликка аввало тинимсиз меҳнат, малакали мураббийлардан таълим, ота-онадан эса, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш талаб этилади. Спортга эътибор бошқа давлатларда бизнинг давлатимиздагидек эмас. Шундай экан, барча ёшлар спорт билан шуғулланишсин. Яратилган икониятлардан унумли фойдаланишсин.

М: "Фарзандингизни кутиб олиш учун қандай тайёргарлик кўрмоқдасиз?

Б.А: "Худо хоҳласа, аэропортга оилавий кутиб олишга чиқамиз. Сўнг, қўй сўйиб халққа ош бериш ниятимиз ҳам бор. 
Мен ўзимни Ўзбекистоннинг энг бахтли отаси деб биламан. Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай имкониятлар яратиб берган юртбошимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. 

М: "Нашримиз жамоаси номидан сизни ва оила аъзоларингизни яна бир бор табриклаб, келажакда фарзандингиздан бунданда улкан ғалабаларни кутиб қоламиз.