2012-йил августида 19 ёшли француз яримҳимоячиси Поль Погба Манчестердан Туринга кўчган эди. Ўшанда «Юнайтед» жамоаси 1 млн евро ишлаганди. Орадан кўп эмас, 4 йил ўтгач, футболчининг нархи 110 карра қимматлашди, «МЮ»нинг ўзи у учун 110 миллион евро тўлашга розилигини билдирди. Қуйида ёзги трансфер бозорининг асосий битими хусусида. 

Топ-футболчиларга нарх белгилаш борасидаги “тўсиқ” ортда қолди

Шундай қилиб, айтиш мумкинки, ўзига хос тўсиқ ортда қолди. Гарт Бэйл 3 йил мобайнида дунёнинг энг қиммат футболчиси унвонини сақлаб қолди. Бироқ, аслида «Реал Мадрид» қанча тўлагани хусусида аниқ рақамлар мавжуд эмас. Дастлаб, 91 млн евро тўлангани хусусида жар солинган бўлса-да, кейинчалик бирмунча ҳақиқатга яқин келадиган рақамни айтишди – 100 миллион евро (Transfermarkt манбасига кўра-101 млн евро).

Саҳнада «Манчестер Юнайтид»

Ўтган ёзги мавсумда «МЮ» айнан ўша Бэйл учун 150 млн евро таклиф қилгани хусусида хабарлар пайдо бўлганди. Аммо, уларнинг барчаси миш-миш туркумидан эди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Эндиликда ҳаммаси ҳақиқий: «қизил иблислар» Погба учун расман 100 “лимон”ни кўрдим демай сарфлаб юборишди. 

Месси, Неймар ва Роналду «эришолмаган» натижа

Погбанинг агенти қанча олиши номаълум ва аслида буни билиш шарт ҳам эмас. Асосийси шуки, келаси мавсумдан бошлаб топ ўйинчилар учун бемалол 100 миллиондан ортиқ маблағ таклиф этилади. Бу эса, Месси, Роналду ёки Неймар билан эмас, балки «Олтин тўп»гача ҳали кўп тер тўкиши лозим бўлган футболчи билан амалга ошди. 

Шу билан бирга, айтиш жозки, Моуриньонинг ҳолати янада мураккаблашди ва масъулияти янада жиддийлашди. Гап шундаки, у бу йил жамоаси курашадиган барча совринларни қўлга киритиши керак. 

«Манчестер Юнайтид»нинг бузилган мезони 

Қайд этиш лозим, «МЮ» Премьер лигада энг қиммат таркибга эга бўлмаган жамоалар сирасига киради. Бироқ, бу йилги ёзги трансферлар ойнасида Вудворд Европа жамоаларига 190 миллион еврони тарқатиб юборди (Мхитарян, Байи, Погба) ҳамда Златан Иброҳимович билан йиллик 11,5 млн евролик шартномани имзолади. Агар, «иблислар» ҳеч бир ўйинчисини сотмаганини эътиборга оладиган бўлсак, жамоанинг ёзги мувозанати бузилган ва бу рақам 200 миллион евролик зарар билан ўлчанмоқда. 

Моуриньонинг «200 фоизлик» мажбурияти

Шундай экан, Моуриньо АПЛнинг бош совринини қўлга киритиши баробарида Европа лигаси ўйинларида ҳам барча рақибларини доғда қолдириши лозим. Балки, УЕФА кубоги “танланган” мураббий учун унчалик ҳам муҳим аҳамият касб этмас, лекин бу фақат унинг муаммоси. Чунки, «МЮ» 2008-йилдан бери Европа мусобақаларида биронта ҳам совринни қўлга кирита олмаётгани ҳисобга олинса, Европа лигасининг бош соврини ҳам бошланишига чакки эмас.