Миср Марказий банки мамлакат валюта айирбошлаш қонунчилигини бузгани учун яна бешта хорижий валюталарни алмаштириш пунтлари фаолиятига чек қўйди. Шундай қилиб, мамлакатдаги мавжуд валюта айирбошлаш шахобчаларнинг тенг ярми лицензиясидан маҳрум этилди, деб хабар қилади Ahram online ахборот портали.

Портал маълумотларига кўра, шу пайтга қадар мамлакатда 94та расмий валюта айирбошлаш пункти фаолият юритган. Айни вақтда, уларнинг 47тасига берилган лицензия қайтариб олинган, шундан 26таси бутунлай ёпилган. Қолганлари 6 ойдан 12 ойгача фаолият кўрсата олмайди. 

Хабарларга кўра, июнь ойида Миср Вазирлар Маҳкамаси Марказий банк раисига, қонунбузарлик қайд этилган ҳолатда ҳар қандай алмаштирув пунктининг лицензиясини бир йилгача қайтариб олиш ва 1 миллиондан 5 миллионгача Миср фунтида жарима солиш ваколатини берган эди.