Ўзбекистонлик гимнастика устаси Оксана Чусовитина журналистлар билан бўлиб ўтган суҳбатда 2020 йилда Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ўзининг саккизинчи Олимпиадасида иштирок этиши эҳтимолдан холи эмаслигини айтди. 

“Риодаги Олимпиада менинг фаолиятимда охиргиси, дея олмайман, - дея таъкидлади 41 ёшли Чусовитина. – Лондонда бўлиб ўтган 2012 йилги Олимпия ўйинларидан кейин мен спортдан кетишим ҳақида айтгандим. Кейин эса қайтдим, яна қайтгим келиб қолса-чи?! Мен шу пайтгача ҳамма қатори машқ қилиб, мусобақаларда ҳаққоний баҳо олиб келяпман”.

“2016 йилги Ўйинлар менинг спорт фаолиятимдаги еттинчи Олимпиадам ҳисобланади. Шуни айтишим мумкинки, мен бугун мусобақалардан олдин 1992 йилги Барселонада бўлиб ўтган илк мусобақамдан кўра кўпроқ ҳаяжонландим. У пайтлар мени ёш қиз сифатида умуман бошқа ҳиссиётлар қамраб олганди”.

“Спорт ишқибозлари мени жуда яхши кутиб олишмоқда, бу ёқимли, албатта, - дея тан олади Чусовитина. – Улар Интернетда мен ҳақимда ўқиб, мени кўришга келишибди. Уларни юзини ерга қаратгим келмади, шу боис чин дилдан ҳаракат қилдим. Менга ишонадиган кишилар бор ва аксинча – қариб қолганимни айтиб, мусобақаларда етарлича иштирок этиб бўлганимни таъкидлайдиганлар бор. Буларнинг бари мени янада руҳлантиради”. 

Юртимиз фахри бўлган гимнастикачимиз асосан таянчли сакрашга умидини боғлаяпти. Биринчи саралаш мусобақаларидан кейин у оралиқ иккинчи ўринни эгалламоқда. Энг кучли саккиз нафар гимнастикачи финал мусобақаларига чиқади. 

“Ўйлашимча, таянчли сакраш орқали қўлга киритган балларим менга финалда иштирок этиш ҳуқуқини беради. Финалда ҳақиқий  курашга киришаман. Бугун эса мукаммал сакраш шарт эмасди. Асосий мусобақалар ҳали олдинда”, - дея таъкидлади Чусовитина. 

Оксана Чусовитина бундан олдин оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларида 2016 йилги Олимпиада ўйинларидан кейин спортдаги фаолиятини якунлаши ҳақида маълум қилганди. У Олимпиада ўйинларида етти марта иштирок этган ягона спортчи ҳисобланади.