Спорт мухлисининг аёли дугонасига деди: – Хўжайиним Олимпиада бошланиши  билан “Нима хоҳласанг айт, фақат мусобақалар бошланганида халақит бермасанг бўлди”, дейди. Ўтган Олимпиадада учта кўйлак олдирганман...  

Дзюдо бўйича мусобақада спортчи қиз татамига 10 дақиқа кечикиб чиқди.
 – Нега? – деган саволга, – Бутун дунёга пардозсиз кўриниб бўладими? – дея жавоб берди у.

Олимпиада чемпиони бўлган боксчидан сўрашди:
– Сиз иримларга ишонасизми?
– Албатта, ана қаранг, қўлқопимнинг ичида катта темир тақа турибди...  

Мухбирлар спортчига савол беришди:
– Биласизми, футболчи ва хоккейчиларни мухлислар ҳақорат қилишади?
– Мен ҳам шунга ҳайрон бўламан. Бизга ўхшаб ўқ отиш билан шуғулланувчи мерганларни ҳеч ҳақорат қилишмаган. 

Турли мусобақаларда кучли рақибига 16 марта имкониятни бой берган теннисчи охиргисида уни ютгач, деди:
– Билиб қўйинглар, ҳеч ким мени қаторасига 17 марта юта олмайди!

Сувда сузишда хитойликларга ўйинни бой берган руслар уларга қараб шундай дейишди:
– Балки, хоккей ўйнаб кўрармиз.

Спорт кўп инсонлар учун – касб ёки хобби. Яна бир тоифадаги кишилар учун эса телевизордаги оддий канал, холос... 

Баскетбол саватчаси деярли тўп билан бир хил ўлчамда. Гандбол дарвозаси бироз каттароқ. Футбол дарвозаси эса жуда катта. Бироқ дарвоза қанча катта бўлгани сари уни мўлжалга олиш қийнлашиб бораверади.

Айтишларича, сувга сакраш бўйича Олимпиада чемпиони бўлган спортчилар чучварани кострюлькага ташлаганда, умуман сув сачрамас эмиш...

– Сен ўйинларни қаерда кўрасан?
– Телевизор орқали, писта чақиб кўраман.

Шундай қилиб ўйин 19:46 ҳисобида якунига етди. Кечирасиз, мен вақтни айтиб юборибман...

Элмурод Эрматов