Токио кўчаларидан бирида бўлиб ўтаётган фестивал иштирокчиларига қарата ёнувчи аралашмали шиша идиш улоқтирган кекса япониялик ўзини осишга уринишдан сўнг, ҳаётдан кўз юмди, деб хабар қилмоқда Киодо агентлиги.

Ҳодиса Токионинг Сугинами туманида юз берган, ўшанда аҳоли тураржой биносининг учинчи қаватидан ёнаётган идишлар отилган, улар асфальт йўлга урилиб портлаган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ёнаётган идишлар 3тадан олтитагача бўлган. 15 киши, жумладан болалар ҳам жабрланган.
 
Кекса японияликнинг қилмишига нима сабаб бўлгани маълум эмас. Дастлабки маълумотларга кўра, у гўёки уйининг деразалари остида бўлиб ўтаётган фестивал шовқинидан нолиган. Шундан сўнг, у ёнувчи аралашма солинган шиша идишларни улоқтириб, ўзини осмоқчи бўлган. Ҳушсиз ҳолда шифохонага келтирилган қариянинг шу ерда жони узилган.