Япон ОАВга Nissan Motor автоконцерни аккумулятор бизнесидан воз кечмоқчи эканлиги маълум бўлди. Бу бизнесни сотиб олишга Panasonic компанияси даъвогарлик қилмоқда.

Nikkei нашрининг ёзишича, Nissan компанияси Automotive Energy Supply (AES; NEC компанияси билан қўшма корхонаси) компаниясидаги 51 фоизлик улушини сотиб юбормоқчи. 

Гап шундаки, япон автогиганти Leaf электрокари учун батареяларни четки компаниялардан сотиб олиш уни ўзи ишлаб чиқаришдан фойдалироқ деган хулосага келган.

Нашр маълумотларига кўра, Nissan’нинг аккумулятор бизнесини сотиб олиш бўйича музокаралар Panasonic ва бир нечта хорижий, жумладан Хитой компаниялари билан олиб борилмоқда.

Компанияда маълум қилинган ахборот миш-миш эканлиги ва Nissan’нинг бирор-бир баёнотига асосланмагани маълум қилинди. Panasonic ва NEC’да ҳам ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берилмади.

Reuters ахборот агентлигининг таъкидлашича, Renault-Nissan автомобилсозлик альянси оммавий машиналар ишлаб чиқарувчи компаниялардан электромобилларга энг кўпроқ умид боғлаган. 2009 йилда компаниялар электрокарлар яратишга 4 млрд евро инвестиция қилиш ва ҳар йили улар учун 500 минг аккумулятор ишлаб чиқаришга келишиб олганди. Бироқ Renault ва Nissan электрокарлари яхши сотилмаган. Бунга Nissan ва NEC батареялар нархини оммавий ишлаб чиқариш ҳисобига арзонлаштира олмагани сабаб қилиб кўрсатилган.