Спортча юриш бўйича халқаро тоифали спорт устаси Сергей Лукьянов 2015 йилнинг 1 апрелида Санкт-Петербургдан дунё бўйлаб пиёда саёҳатга йўл олди ва 2016 йилнинг 7 августида Рио-де-Жанейрога етиб келди. Бунинг учун унга 496 кун керак бўлди, спортчи 18 272 километр пиёда юриб келган.

Дунё бўйлаб саёҳат расмий гуруҳида маълум қилинишича, Лукьянов ортиқча юкларсиз, чодирсиз ва қишки кийимларсиз кунига ўртача 50-60 километр йўл юради. Ўтган вақт ичида у Россия, Хитой, Вьетнам, Лаос, Таиланд, Малайзия, Сингапур мамлакатларини кесиб ўтган. Сингапур орқали Чилига учиб, Олимпия ўйинлари пойтахти томон ҳаракатланган. 

Дунё бўйлаб саёҳат қилиш - Лукьяновнинг болаликдаги орзуси: дастлаб бунинг иложи йўқ деб ўйлаб, бундай сафарга чиқишга ҳадди сиғмаганди. Сайёҳга кўзланган йўлни босиб ўтишга кўнгиллилар ёрдам беришмоқда: улар Лукьяновга чипта ёки виза олиш учун молиявий кўмак бериб, уни кутиб олишади, овқатлантиришади ва лозим бўлса, иситишади.

Лукьянов кўп жойларда бўлишга улгурган бўлса-да, унинг фикрича, Санкт-Петербургдаги Сарой майдони - дунёдаги энг чиройли жой, шу боис у ўзининг йўналишини айнан ўша ердан бошлаган. "Дунё бўйлаб пиёда" гуруҳида айтилишича, сайёҳ ўз сафарини 2017 йилнинг 1 апрелида соат 12:00да Сарой майдонида якунлашни режалаштирмоқда (2015 йилнинг 1 апрелида айнан шу ердан саёҳатини бошлаган).