Рио-де-Жанейродаги Олимпиада ташкилотчилари спортчиларни тақдирлаш маросимида Хитойнинг нотўғри байроқларини осишди. Шундай байроқлардан бири 8 августда пневматик милтиқ ва тўппончадан ўқ отиш мусобақалари совриндорларини тақдирлаш вақтида осилди, деб хабар бермоқда The Independent нашри.

Хитой байроғининг асли ўзидан қизил матода чап юқори бурчакда 5 та юлдуз тасвирини акс эттиради: тасвирда 4 та кичикроқ юлдуз битта катта юлдуз атрофида ярим айлана шаклида жойлашган ва ҳар бир юлузчанинг учи катта юлдузга қараган ҳолда бўлади. Катта юлдуз Хитой Компартиясини, кичик юлдузчалар эса Хитой халқини билдиради. Олимпиададаги нотўғри байроқларда эса кичик юлдузлар шунчаки вертикал ҳолатда тасвирланган бўлган. 

Ўйинлар ташкилотчиларининг хатосига Хитой марказий телевидениеси (CCTV) эътибор қаратди ва бу ҳақда ижтимоий тармоқларда маълум қилди. 

Shanghaiist нашрининг таъкидлашича, ушбу ҳолат ошкор бўлгандан кейин, ОАВда бу байроқлар Хитойда тайёрлангани ҳақида маълумот пайдо бўлган. Бироқ Олимпиада ташкилий қўмитасида бу гаплар инкор қилинди ҳамда байроқлар Бразилияда ишлаб чиқарилгани маълум қилинди. Шунингдек, бу байроқлар тез фурсатда тўғриси билан алмаштирилишига ваъда берилди ва хатолик учун узр сўралди, деб хабар бермоқда China.org.cn портали.  

The Independent нашрининг маълум қилишича, ўтган ҳафтада Австралиянинг Channel 7 телеканали Олимпиада хабарларини эфирга узатаётганда Хитой байроғини адаштириб қўйган. Телеканал медаллар жадвалида Хитой байроғи ўрнига Чили байроғини қўйган. Телетомошабинлардан бири бундан шунчалик аччиқланганки, Change.org сайтида бу хатолик учун Хитой халқи олдидан узр сўралиши талаби билан петиция ташкил қилган. Айни вақтга келиб бу арзнома деярли 9 мингта имзо тўплаган.

2012 йил Лондон Олимпиадасидаги футбол учрашувидан олдин Шимолий Корея байроғи Жанубий Корея байроғи билан адаштириб қўйилганди. Шундан кейин Колумбия терма жамоаси билан ўйнаши керак бўлган Шимолий кореялик аёл футболчилар майдонга чиқишдан бош тортишган. Ташкилотчилар улардан кечирим сўрашгач, учрашув деярли бир соатлик кечикиш билан бошланган.