Олимпиаданинг дзюдо спорт тури бўйича 66 кг гача вазн тоифасида Ришод Собиров бронза медаль учун баҳсда словакиялик Адриан Гомбочдан қўли баланд келди.

Собиров рақибига аввал вазари усулини қўллаб 10 очко қўлга киритди, сўнгра иппон усули билан баҳсни муддатидан аввал якунлади.

Шу тариқа ўзбекистонлик номдор спортчи ўз фаолиятида Олимпиадаларнинг 3-бронза медалини қўлга киритди. У Пекин ва Лондон Олимпиадаларида ҳам бронза медаллар соҳиби бўлганди.

Ришод Ўзбекистон терма жамоасига иккинчи бронза медалини келтирди. Аввалроқ яна бир дзюдочимиз Диёрбек Ўрозбоев ҳам 60 кг гача вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритганди.

66 кг гача вазн тоифасида олтин медални италиялик Фабио Басиле Жанубий кореялик Ан Баулга қарши кечган учрашувда қўлга киритди. Басиле рақибини иппон усули билан мағлуб этди.