Японияда IBM компанияси муҳандислари томонидан яратилган компьютер "онги" беморда лейкемиянинг камёб турини аниқлаб, унинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берди. Бир неча ой аввал 60 ёшли аёлга нотўғри ташхис қўйилган, бироқ сунъий интеллект деярли 10 дақиқада ҳалокат билан тугаши мумкин бўлган хатони тўғирлашга муваффақ бўлган.

Watson суперкомпьютери беморга аниқ ташхис қўйиб, унинг генетик кўрсаткичларини бошқа маълумотлар билан таққослаш ҳамда даволаш муолажаларини белгилаши учун айнан шунча вақт талаб қилинди. NDTV телеканалининг хабар беришича, бундан аввал Watson бошқа бир мижозда ҳам камёб онкологик касалликни аниқлаган. 

Дастлаб Токио университети қошидаги Тиббиёт фанлари институти олимлари аёлга ўткир миелоид лейкемия ташхисини қўйишди. Саратонга қарши турли дори воситалари билан даволаш ҳеч қандай натижа бермаганидан кейин шифокорлар IBM'га ёрдам сўраб мурожаат қилишга қарор қилишди. 

Бир неча йилдирки, Watson касалликларга ташхис қўйиш билан шуғулланади. Бугунги кунда даволаш йўлини танлаш учун шифокорларга бир неча ҳафтадан бир ойгача вақт кетмоқда. Суперкомпьютер эса бир неча дақиқа ичида аниқ натижани кўрсатади. 

"Онг" жуда кўплаб илмий журналлар ва клиник синовлар маълумотларига кира олади. Суперкомпьютер шу тариқа инсониятнинг онкологик касалликларни даволаш соҳасидаги барча билимларини жамлаб, ҳаттоки ўлим ёқасидаги кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. 

Watson 2011 йилда Jeopardy телевикторинасида америкалик билимдонлар устидан қозонган ғалабасидан кейин танилиб кетди. IBM олимлари мазкур тизимни ишлаб чиқаришга тўрт йилдан ортиқ вақт сарфлашган. Суперкомпьютер бир сонияда тахминан 80 триллион операцияни бажаришга қодир. Watson процессори 2 800 ядрода ишлайди, унинг оператив хотираси эса 16 терабайтдан иборат.