Таиландда 7 август куни мамлакат янги конституциясига бағишланган референдум бўлиб ўтди. Тарқатилган хабарларга қараганда, референдумда янги конституция лойиҳаси маъқулланган. Асосий қонун кучга кириши учун ҳукумат бир неча ой давомида қатор ишларни амалга ошириши керак бўлади. Шу тариқа Таиландда 1932 йилда юз берган демократик инқилобдан бери ўтган 84 йиллик давр мобайнида йигирманчи конституция қабул қилинди. Янги Конституция 16 та бўлим ва 279 та моддадан иборат. Асосий қонуннинг Таиланд жамиятида бир неча йиллардан бери давом этаётган сиёсий низоларга барҳам бериши кутилмоқда. Таиландда давом этаётган сиёсий инқирозга барҳам бериш мақсадида 2014 йилнинг 22 май куни ҳарбий тўнтариш юз бериб, Муввақат конституция қабул қилинган  эди.

Референдум иштирокчилари иккита саволга ўз муносабатларини билдиришлари керак эди. Сайловчилар “Мамлакатнинг доимий конституциясини қўллаб-қувватлайсизми?” ва “Мамлакат бош вазири яқин беш йиллик муддатга, аввалгидек қуйи палата томонидан эмас, балки парламентнинг ҳар икки палатасининг қўшма мажлисида сайланишига розимисиз”, деган саволларга жавоб беришлари керак эди. Биринчи масала бўйича референдумда иштирок этганларнинг 61,4 фоизи ижобий жавоб берган. 38,6 фоиз сайловчи эса қарши чиққан. Референдумга қўйилган иккинчи масала юзасидан 58 фоиз сайловчи бош вазир парламентда сайланиши кераклигини қўллаб-қувватлаган бўлса, 42 фоизи қарши овоз берган. Марказий сайлов комиссияси раиси Супхачай Сомчареннинг айтишича, референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган сайловчиларнинг 55 фоизи иштирок этди. У якуний натижалар 9 августда расман эълон қилинишини билдирди. Бироқ таҳлилчилар натижалар деярли ўзгармай қолишини айтишмоқда.

Янги конституциянинг қабул қилиниши 2017 йилда Таиландда демократик сайловлар учун йўл очади. Сайловлар келаси йилнинг иккинчи ярмида бўлиб ўтади. Бу дегани 2014 йилда бўлиб ўтган ҳарбий тўнтаришдан кейин мамлакатнинг демократик бошқарувга ўтишини англатади.

Эслатиб ўтамиз, янги конституция ҳарбийлар томонидан тайинланган конституциявий комиссия томонидан ишлаб чиқилди.  Асосий қонун матни қатор сиёсатчи ва мухолифатчилар томонидан танқид қилинди. Бироқ мухолифат кучлари рефрендум натижаларини тан олишлари юзасидан баёнот беришди. Лойиҳага қаршиларнинг фикрича, конституцияда сиёсий қарор қабул қилишда ҳарбийларга катта ўрин берилган.

Аммо конституция ижодкорлари либерал демократия қоидаларидан бироз чекинилган ҳолда миллий бирлик таъминланиши ва кескин сиёсий низоларнинг олди олинишини айтишмоқда. Конституцияга кўра, ваколатлари кенгайтирилган Сенат аъзолари сайланмайди, балки тайинланади. Ҳукуматнинг фикрича, Таиланд янги конституцияси барқарорликни мустаҳкамлайди ва ҳукумат тузумлари жавобгарлигини таъминлайди. Таиландда шу кунга қадар бош вазир лавозимига умумий сайловларда ғалаба қозонган партия вакили қуйи палатада тайинланарди. Энди эса парламентнинг қўшма сессиясида бош вазир сайланади. Конституцияда ҳукумат фаолияти ва давлат бошқаруви устидан назорат масалалари ҳам белгилаб қўйилган. Бу дегани бошқарув ҳарбийлар ва уларнинг тарафдорлари қўлида қолишини англатади.

Эндиликда 194 нафар сенаторлар ҳукмрон Ҳарбий Кенгаш томонидан тайинланади. 50 нафар сенатор эса 20 та сиёсий бирлашма томонидан сайланади. Қолган 6 нафари эса Қуролли кучлар ва миллий полиция вакилларидан иборат бўлади. Бундан аввал сенат аъзоларининг тенг ярми тайинланиб, қолган ярми аҳоли томонидан сайланарди.

“Аҳолининг янги конституция лойиҳасини қўллаб-қувватлаши асосий қонун секинлик билан демократик бошқарув йўлига ўтишига хизмат қилишини англатади”, деди Таиланд комиссияси раиси Мичай Ручупхан. Унинг айтишича, конституция учун берилган ҳар бир овоз жуда ҳам аҳамиятлидир.

Марказий сайлов комиссияси раиси Супхачай Сомчарен овоз бериш жараёнлари юзасидан ҳисобот берди.

Миллий полиция маълумотларига кўра, референдум вақтида жиддий қонун бузилишлари қайд қилинмади. Бюллетенларни яроқсиз ҳолатга келтиргани учун 21 киши ҳибсга олинди. Тўғрироғи, бюллетень ранги икки хил бўлгани боис, айрим сайловчилар “уларни йиртиб, биттасини қутига ташлаш керак”, деган хаёлга боришган. Референдумдан аввал ижтимоий тармоқларда овоз беришга қарши чиққан 10дан ортиқ киши қўлга олинган эди. Улар ҳукуматни танқид қилганлари боис 10 йилга озодликдан  маҳрум  қилинишлари  мумкин. 

Шарофиддин Тўлаганов