Жорий йилнинг 10-12 август кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним” шиори остида “Истиқлол фарзандлари” ёшлар фестивали бўлиб ўтади.

Ушбу фестивал ёшларни миллий истиқлол ғояларига садоқат, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида юртимизда олиб борилаётган давлат сиёсатидан уларни хабардор қилиш, ёш авлодда Ўзбекистонда амалга оширилаёган демократик ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш мақсадида анъанавий тарзда ўтказилиб келинмоқда.

Тадбир фестивал иштирокчилари томонидан “Мустақиллик ва эзгулик” монументи пойига гул қўйиш билан бошланиши кўзда тутилган. Фестивал давомида “Тарихий хотирасиз келажак йўқ!”, мавзуидаги тадбирлар, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида “Мамлакатимизда қонунийликни, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашда ёшлар ҳиссаси” мавзуида учрашувлар, “Ёшлар сиёсати – ёшлар нигоҳида” илмий-амалий конференцияси, “Истиқлол фарзандлари!” номли махсус ток-шоу, Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг “Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди” ва “Ҳаёт синовларига тобланган Қашқадарё эли ҳар қандай юксак маррани эгаллашга қодир” номли китоблари тақдимоти ҳамда “Ватанимга дил изҳори!” номли “25” акциясига бағишланган кўргазманинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Мазкур ёшлар фестивали доирасида турли санъат намояндалари билан учрашувлар, анжуманлар ҳамда 12 август куни “Туркистон” саройида ёш санъат усталарининг гала-концерти ташкил этилади.

Ёшларнинг ҳаёти, ёшларнинг ижоди, ёшларнинг ташаббуси, ёшларнинг нигоҳи, ёшларнинг орзуси ва ёшлик завқи – буларнинг барчаси Ёшлар фестивалида!