Ўзбекистонда Nexia II автомобилларининг ишлаб чиқарилиши тўхтатилди. Ўзбекистон автосалонларида учинчи авлод Nexia сотила бошланди.

1 августда GM Uzbekistan автомобиль заводи конвейеридан эски авлоддаги Nexia’нинг охирги нусхаси ишлаб чиқарилди. Бу седан 1996 йилдан бошлаб 20 йил давомида ишлаб чиқарилди. 

Nexia’нинг оммабоплигини қуйидаги рақамлардан билиш мумкин: GM Uzbekistan маълумотларига кўра, 20 йил ичида бу моделдаги машиналардан 1,1 млн дан кўпроқ ишлаб чиқарилган. Машина нафақат Ўзбекистонда, балки яқин хориж давлатларида ҳам оммабоп бўлган. Бу давлатларда 526 мингтадан кўпроқ Nexia сотилган. Бугунда бу машиналар Россия, Қозоғистон, Украина, Озарбайжон, Беларусь, Арманистон, Молдова, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Грузия ва Афғонистон кўчаларида кезиб юрибди.

Фото: GM Uzbekistan.

Nexia ишончли ва ҳамёнбоп, оқилона ёнилғи сарфи, ўз синфи учун юқори ишончлилик даражаси, шинам салон ва европача дизайнга эга автомобиль сифатида ўзини намоён қилди.

2008 йил июнида иккинчи авлоддаги Nexia автомобили ишлаб чиқарила бошланган. Моделнинг олди ва орқа бамперлари, фаралари, асбоблар ва эшик панеллари ўзгартирилди, эшикларига зарбаларга қарши балкалар қўшилди. Машина кучлироқ SOHC (86 от кучига эга) ва DOHC (109 от кучига эга) двигателлари билан жиҳозлана бошланди.

Nexia ўзига хос брендга айлангани учун GM Uzbekistan’да унинг номини сақлаб қолишга қарор қилинди. Бунинг учун машинанинг анъанавий кучли томонлари: ишончлилиги, ҳамёнбоплигини ўзида мужассамлантирадиган ва шу билан бир вақтда хавфсизликнинг барча замонавий талабларига жавоб берувчи муносиб платформа топиш керак эди. Барча бу кўрсаткичларга Т250 платформаси жавоб беради.

Фото: GM Uzbekistan.

Янги Т250 модели General Motors‘нинг Шанхай бўлинмасидаги конструкторлик бюросида лойиҳаланган ва Осиё, Жанубий ва Шимолий Америкада – ҳаммаси бўлиб 12 та давлатда сотилади. 

Т250 платформасидаги учинчи авлод Nexia замонавий ва тежамкор двигатель, 5 поғонали механик ва 6 поғонали автоматик узатмалар қутиси, пассив хавфсизлик тизими (хавфсизлик ёстиқчалари, ABS, болалар ўриндиқларини маҳкамлаш тизими) билан жиҳозланади.

Фото: GM Uzbekistan.

Машина PedPro – пиёдаларни ҳимоя қилиш тизими талабларига жавоб беради. Экспортга чиқариладиган вариантлари фавқулодда жавоб бериш, электрон барқарорлик ва шиналардаги босимни назорат қилиш тизимлари билан жиҳозланади.

Янги Nexia Ўзбекистон автосалонларида 8 августдан сотувга чиқарилди.

GM Uzbekistan ушбу машиналардан йил охиригача 14,8 минг дона сотишни мўлжалламоқда.

Фото: GM Uzbekistan.