Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати-2018 саралашининг учинчи босқичи доирасидаги дастлабки учрашуви бошланиш вақти ўзгарди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси сайти хабар берган.

1 сентябрь куни “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтадиган ушбу учрашув бошланиш вақти аввалроқ соат 19:00 этиб белгиланган эди. Аммо хавфсизликни таъминлаш масалалари зарурати туфайли ушбу ўйин шу куни соат 20:00да бошланади.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичига тайёргарлик кўраётган Самвел Бабаян қўли остидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси 20 августдан расмий ўйинлар олдидан сўнгги йиғинини бошлайди. Ушбу йиғин давомида битта ўртоқлик учрашуви ўтказиш режалаштирилган. Ушбу халқаро ўртоқлик учрашувида Ўзбекистон МТЖнинг рақиби Буркина-Фасо терма жамоаси бўлади. Учрашув 24 август куни “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтиши режалаштирилган.