Афғонистоннинг радикал кайфиятдаги «Толибон» экстремистик ҳаракати ва ИШИД террорчи гуруҳи ушбу мамлакат ҳарбийлари ҳамда АҚШ кучларига қарши самарали курашиш мақсадида норасмий сулҳга эришган, деб ёзмоқда The Wall Street Journal газетаси ўз манбаларига таянган ҳолда. 

Уларнинг сўзларига кўра, бир неча ой муқаддам қатор минтақалар узра назоратни қўлга олиш учун аёвсиз урушаётган гуруҳлар, Афғонистон ва АҚШ Қуролли кучларига қарши курашиш мақсадида маҳаллий даражада сулҳга эришган. 

«Сўнгги икки ой мобайнида улар бир-бири билан урушаётгани йўқ», — деган афғон ҳукумат кучларининг мамлакат шарқидаги қўшинлари қўмондони генерал Муҳаммад Замон Вазирий.
 
Таъкидланишича, эндиликда ИШИД ўз эътиборини Нангарҳар вилоятида АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳукумат қўшинларига қаратиб, анча вақтдан бери «Толибон» назоратида бўлган Кунар вилояти томон юришни давом эттирмоқда. Бироқ, ҳозирча ИШИДнинг Афғонистондаги фаолияти унчалик ҳам жиддий эмас. Шунга қарамай, ушбу гуруҳлар ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш исталган вақтда бузилиши мумкин.