Motor1 нашрининг ихтиёрига янги авлод Audi A7 хетчбэкининг айғоқчи-фотосуратчилар томонидан олинган яширин суратлари келиб тушди. Ташқи кўриниши яширинган янги «еттилик»нинг суратлари, унинг йўлдаги синов вақтларида олинган.

Унга кўра айтиш мумкинки, A7нинг олд ёритқич чироқлари ингичкалашиб, радиатор қафаси кенгаяди ҳамда Audi компаниясининг бошқа янги моделлари ҳамда Prologue концепт-кари услубига эга бўлади. Концепт-кар, 2014-йил ноябрь ойида тақдим этилган бўлиб, немис компаниясининг янги седанлари қандай шаклга эга бўлишини олдиндан маълум қилган эди. 

Янги еттилик Volkswagen концернининг модернизация қилинган MLB платформаси негизида ишлаб чиқилади. У, двигателнинг узунроқ жойлашувига мослаштирилган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, моделнинг узунлиги аввалгидек қолади, бироқ, орқа ўриндиқларда ўтирувчи йўловчилар учун жойни кенгайтириш учун ғилдирак базаси бироз ўзгартирилади. 

Унинг моторлар қаторига бензинли ва дизель турбо «олтилик» киритилган, бундан ташқари 4 литрли, 435 от кучини берувчи V8 мотори ҳам ўрнатилиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу мотор биринчи марта 2016-йилги Audi Q7 моделининг кучайтирилган янги авлоди SQ7 русумига ўрнатилганди.

Ҳозирча, иккинчи авлод Audi A7 машинасининг қачон тақдим этилиши номаълум. Тахминан у 2017-йил иккинчи ярми ёки 2018-йил бошида намойиш этилиши мумкин.