2016 йилнинг 9 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Япония фавқулодда ва мухтор элчиси Фумиҳико Катони у ўз миссиясини якунлаётгани муносабати билан қабул қилди.

Бўлиб ўтган суҳбат давомида икки томон муносабатларининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Турли шаклларда ўтказилиб турувчи мунтазам Ўзбекистон-Япония мулоқоти икки давлат учун ҳам манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантиришга имкон бериши қайд этилди.

2015 йил октябрь ойидаги Япония Бош вазири Шиндзо Абенинг мамлакатимизга расмий ташрифи ва олий даражадаги музокаралар якунларига кўра савдо-иқтисодий, инвестицион, технологик ва молия соҳаларида умумий қиймати 8,5 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 21та ҳужжат имзоланди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда маданий-гуманитар жабҳадаги алоқаларимиз муҳим рол ўйнайди. Жумладан яқинда Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Давлат академик Катта театрида “Драм Тао” машҳур япон ижодий жамоасининг концерти катта муфаққақият билан ўтказилди, шунингдек икки давлат илмий, таълим муассасалари ҳамкорлиги фаоллашмоқда.

Суҳбат якунида вазир элчини унга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Фахрий доктори даражаси берилгани билан табриклади ҳамда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган салмоқли шахсий хизматлари учун миннатдорчилик билдирди.

Фумиҳико Като, ўз навбатида, Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатидаги фаолияти давомидаги кўрсатилган доимий кўмак учун миннатдорчилик билдирди.