Интернетда Бразилиялик болалар ва ўсмирлар Рио-де-Жанейродаги Олимпиадага келган сайёҳларни тунаётгани тасвирланган видео пайдо бўлди, деб ёзмоқда Daily Star.

Ўсмирлар куппа-кундуз куни сайёҳларга ташланиб, улардаги буюмлар, телефон, картмон ва ҳаттоки қулоқчин ва егуликларга ҳамла қилмоқдалар. Facebook’да чоп этилган видео икки кун ичида 6 млн намойишни йиғди. Фойдаланувчилар бу воқеаларда ўз фуқароларига иш ўринлари тақдим қилмаган Бразилия ҳукуматини айбламоқдалар.  Уларнинг фикрича, ёш ўғрилар қоринларини тўйғазиш учун ўғрилик билан шуғулланишга мажбур бўлмоқдалар.

Аввалроқ Риодаги ўйинлар ташкилий қўмитаси охирги кунларда ўғрилик ва талончиликдан жабр кўраётган спортчилар ва сайёҳлардан узр сўраганди. Риодаги хавфсизликни 88 мингдан кўпроқ одам кузатмоқда, бу эса Лондондагидан 2 марта кўпроқни ташкил қилади.