Бугун, 9-август куни Россия президент Владимир Путин ва унинг туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўған, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар хиралашганидан сўнг, биринчи марта учрашишади. Давлат раҳбарларининг мулоқоти Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтади. Кун тартибига қўйилган масалалар эса кенг қамровлидир. Унда, туризмдан тортиб, Туркия озиқ-овқат маҳсулотларига қўйилган тақиқ, газ соҳасидаги ҳамкорлик ва турк қурилиш компанияларининг Россиядаги фаолиятлари муҳокама этилади. 

Ушбу учрашув, Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолёти уриб туширилгач икки мамлакат алоқаларида вужудга келган бўшлиқдан сўнг, биринчи марта ташкил этилаётгани билан эътиборлидир. Бундан аввал, Путин ва Эрдўған расман 2015-йил 16-ноябрида G20 саммити доирасида Антальяда учрашган эди.