Американинг Delta AirLines авиакомпанияси 8 август куни ўзининг компьютер тизимида юз берган носозлик туфайли парвозларнинг бекор қилиниши ёки 3 соатдан кўпроққа ушланиб қолгани учун йўловчиларига 200 долларлик ваучерларни тақдим этади. Бу чора уларга етказилган азият учун товондир, дейилади авиаташувчи баёнотида. 

Ваучерлардан авиакомпаниянинг барча парвозлари учун чипта харид қилишда фойдаланиш мумкин бўлади.
 
"Бизнинг мижозлар, аниқ ва тартибли фаолиятимизни қадрлашади. Бугун эса, биз айни мажбуриятимизни бажара олмадик. Биз юзага келган ноқулайлик сабабини аниқлаймиз ва мижозларимиздан узр сўраймиз", — дейилади компаниянинг бош ижрочи директори Жил Уэст баёнотида.

Delta AirLines 8-август куни 450дан ортиқ рейсларини бекор қилган, яна бир неча юзтасини кечиктирган эди. 

АҚШнинг Атланта шаҳри электр тармоғида узилиш юз бергани Америка авиакомпанияси компьютер тизимида носозликни келтириб чиқарган. Шундан сўнг, мижозларга аэропортга бормасдан аввал, ўз парвозларининг ҳолатини текшириб кўриш тавсия қилинган эди. Айни чоғда, ҳавода парвоз қилаётган Delta AirLines самоолётларига бу носозлик таъсир қилмаган.