19 карра олимпия чемпиони, америкалик сузувчи Майкл Фелпс Рио Олимпиадасида 100 м масофага брасс услубида сузиш баҳсларида кумуш медал совриндори бўлган россиялик спортчи Юлия Ефимова ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

«Менинг фикримча спорт тоза бўлиши керак. У икки марта допинг-тестдан ўта олмади, лекин охир-оқибат унинг иштирок этишига рухсат беришди. Бу ҳолат менинг қалбимни ларзага солди. Бу спорт асосларига зид. Бу эса мени ранжитади», – деган Фелпс.

«Мен кимдир бу вазиятни назорат қилишни ўз зиммасига олишини истайман», – дея Фелпсдан иқтибос келтирган Expressen нашри.

Эслатиб ўтамиз, финалда америкалик Лилиан Кинг биринчи, россиялик Ефимова иккинчи, яна бир америкалик Кэтрин Майли учинчи ўринни эгаллади. Америкалик спортчилар Россия вакиласини кумуш медаль билан табриклашмади. Ундан ташқари, старт арафасида россиялик спортчи трибуналардаги мухлисларнинг ҳуштакбозликларига йўлиқди.

Ефимова аввалига допинг можаролари доирасида Олимпиададан четлатилган, кейинроқ апелляция орқали CAS қарорига қарши ишни ютиб чиқиб, Рио-де-Жанейродаги турнирда иштирок этиш учун рухсат олганди.

Манба: Tribuna.uz