Навоий шаҳрида “Янги ҳаёт” савдо мажмуаси иш бошлади. Бу ерда яратилган 100 дан ортиқ янги иш ўрнида асосан касб-ҳунар коллежини битирган ёшлар меҳнат қилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Тадбиркор Абдукарим Саксонов аҳолига қулайлик яратиш, намунали савдо хизмати кўрсатиш мақсадида тижорат банкидан олинган қарийб 10 миллиард сўмлик кредит ва шахсий маблағи эвазига замонавий савдо мажмуаси барпо этди. 

Беш қаватдан иборат иншоотда озиқ-овқат, мебель ва маиший техникалар, кийим-кечак бўлимлари, кўнгилочар ўйинлар ва кинотеатр заллари ўрин олган. Озиқ-овқат бўлимида нон ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган махсус цехлар ташкил этилган. 

– Истеъмолчилар талабидан келиб чиқиб, цехда 30 турдаги нон маҳсулотлари тайёрлаш йўлга қўйилган, – дейди нон цехи бошлиғи Баҳром Мардонов. – 4 нафар новвой меҳнат қилаётган цехимиз замонавий жиҳозланган. Қандолатчилик цехида 40 турдаги ширинликлар ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.