Россия президенти Владимир Путин Санкт-Петербургда Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашуви вақтида маълум қилдики, у 15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси Туркиядаги давлат тўнтаришига уриниш бостирилишидан кейин Ражаб Тойиб Эрдўғанни қўллаб-қувватлаб қўнғироқ қилган биринчи раҳбарлардан бири бўлган.

Унинг тан олишича, 2015 йилнинг ноябридаги фожиадан кейин Россия ва Туркия муносабатлари ҳолати қуйи даражагача тушиб кетди. Лекин у Россия оғир вазиятда Туркияни қўллаб-қувватлаганини таъкидлаб ўтди ва икки мамлакат ўртасидаги диалог тикланганини қайд этди.

Путин Туркия раҳбарининг ташрифи алоқаларни қайта йўлга қўйиш учун яхши имконият эканини таъкидлаган.

"Туркиядаги мураккаб ички сиёсий вазиятга қарамасдан сизнинг қилган ташрифингиз шундан далолатки, биз барчамиз мулоқотни қайта тиклашни, Туркия ва Россия халқлари манфаатлари йўлида муносабатларни қайта йўлга қўйишни истамоқдамиз", деган Путин.

Россия президенти Туркия халқи президент Эрдўған бошчилигида мавжуд инқироздан қутилишга муваффақ бўлишига умид билдирди.

"Сизнинг бошчилигингизда турк халқи барча муаммоларни енгиб ўтади ва мамлакатда қонун устуворлиги тикланади.

Яна бир марта таъкидламоқчиман, биз ҳар қандай конституцияга зид ҳатти-ҳаракатга, қатъиян қаршимиз", — деган Владимир Путин учрашув давомида.

Путин ва Эрдўған ўртасидаги мулоқот 16 июль куни кечқурун бўлиб ўтганди. Бу 15 июль оқшомида бошланган исён бостирилганидан бир неча соат кейин рўй берган.