Рио-де-Жанейродаги Олимпиаданинг бокс мусобақаларининг 49 кг вазн тоифасида иштирок этаётган ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Ҳасанбой Дўсматов 1/8 финалда мексикалик рақибини ютиб, чорак финалга йўл олди.

Осиёнинг амалдаги чемпиони, 23 ёшли Дўсматов Американинг вице-чемпиони, Панамерика ўйинлари ғолиби, 22 ёшли мексикалик Хоселито Веласкесга қарши рингга чиқди.

Жанг юқори суръатда катта сондаги зарбалар билан кечди. Боксчилар бир-бирлари билан очиқчасига жанг қилишдан тап тортмадилар ва Ҳасанбой бунда ишончли ҳаракат қилди. Ҳакамларнинг бир овозлик қарорига кўра ҳамюртимиз ғалаба қозонди (3:0 - 29:28, 29:28, 29:28).

Дўсматовнинг чоракфиналдаги рақиби қозоғистонлик Биржан Жакипов бўлади.

Эслатиб ўтамиз, кейинги босқичларга ҳамюртларимиздан Хуршид Тожибоев (60 кг), Шаҳрам Гиясов (69 кг) ва Рустам Тўлаганов (91 кг) ҳам йўл олдилар.