Рио-де-Жанейродаги Олимпиадада иштирок этаётган Жанубий кореялик гимнастикачи Ли Ин Джун билан селфига тушган Шимолий кореялик гимнастикачи Хон Жон Юн кескин жазоланиши мумкин, деб ёзмоқда Daily Star.

Хон Жон Юн ва Ли Ин Джуннинг сурати оммалашиб кетди ва икки давлат ўртасидаги дўстликка камдан-кам учрайдиган намуна бўлди. Бироқ Юннинг бу ҳаракатлари Шимолий Кореяда ватанга хиёнат сифатида баҳоланиши мумкин. Мамлакат қонунларига кўра, ҳукуматни тўнтариш мақсадида фитна уюштириш, давлатга хиёнат қилиш ва террорчилик учун қатл этишга рухсат берилади.

Нашрнинг таъкидлашича, охирги йилларда Шимолий Кореяда кўпчилик одамлар турмаларга жўнатилган. У ерда маҳбуслар 16 соатлаб ишлашга мажбур қилинадилар ва турли қийноқларга солинадилар. Уларнинг кўпчилиги озиқ-овқат маҳсулотларини ўғрилаганлари ёки яқинлари мамлакат етакчиси Ким Чен Инга ҳурматсизлик қилганлари учун шу тариқа жазоланадилар. Шунингдек, Шимолий Кореяда Жанубий Корея фильмлари ва порнография томоша қилиш, Инжил ўқиш учун ўлим жазоси берилиши мумкин.