Тошкент шаҳрида 9 август куни "Анҳор-Локомотив" кўнгилочар маскани иш бошлади. Мазкур маскан "Анҳор-Локомотив" дам олиш ва истироҳат боғи Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасининг собиқ "А" ҳудудида бунёд этилди. Боғ Тошкент шаҳридаги Лабзак ҳамда Зулфияхоним ("Анҳор" канали) кўчалари оралиғида жойлашган.

"Анҳор-Локомотив" дам олиш ва истироҳат боғидан республикада энг катта ҳисобланган картодром (майдони 12 000 кв.м.), фильмлар намойиш этиладиган, концертлар ўтказиладиган ёзги майдон, майдони 1 810 кв.м. бўлган катамаран ва ретро-машина шаклидаги электр қайиқлари бўладиган сунъий сув ҳавзаси, 4 та кинозал, 320 ўринли ресторан, янги кафе, автотураргоҳлар мавжуд.

Янги боғда Тошкент телеминораси, Калта Минор минори, Шердор мадрасаси, Минораи Калон, Тошкент курантлари ва Амир Темур давлат музейи каби иншоотларнинг макетларидан безак сифатида фойдаланилган.