Бугун Норвегиянинг Тронхейм шаҳридаги “Леркендал” стадионида УЕФА Суперкубоги учун ўйин бўлиб ўтади.

Унда Европа Чемпионлар лигаси ғолиби Мадриднинг “Реал” клуби Европа Лигаси бош соврини соҳиби “Севилья”га қарши майдонга тушади. 

Ушбу ўйин UzReport TV  телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш қилинади.

Футбол учрашувларининг мухлисларга қизиқарли қилиб етказилишида шарҳловчиларнинг ўрни катта эканини инобатга олган ҳолда, UzReport TV телеканали УЕФА Суперкубогини шарҳлаб бориш учун “МАТЧ ТВ” телеканалининг машҳур шарҳловчиси Юрий Розановни таклиф этди.

Эслатиб ўтамиз, UzReport TV  телеканали мухлисларнинг умумий аудиторияси эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, футбол ўйинлари трансляциясини бир вақтнинг ўзида икки тилда – ўзбек ва рус тилларидаги шарҳлашни йўлга қўйган. Телеканал мухлисларида футбол ўйинларини қайси тилдаги шарҳда томоша қилишни ўзлари танлаш имконияти бор. 

Телеканални Ямал 401 сунъий йўлдоши ҳамда “Ўзбектелеком” АКнинг “Телеком ТВ” ИПТВ хизмати орқали томоша қилаётган мухлислар, шунингдек, UzDigital абонентлари ушбу имкониятдан фойдаланишлари мумкин.

“Реал” – “Севилья” учрашувини “UzReport TV" телеканалида рус тилида Юрий Албертович, ўзбек тилида эса Даврон Файзиев шарҳлаб боради.

Ўйин Тошкент вақти билан соат 23:45да бошланади, UzReport TV эса трансляцияни соат 22:45дан бошлайди.

Манба: Tribuna.uz