Майкл Стефен 10 йил аввал вафот этган бўлса-да, унинг бир қисми Питтсбургда яшовчи қизига тўй куни ҳамроҳлик қилди? Қандай қилиб дейсизми? Вафотидан сўнг унинг юраги Нью-Жерсида истиқомат қилувчи Артур Томасга кўчириб ўтказилган. Стефеннинг қизи Жени Стефен Мэннер учун отасининг руҳини  сақлаб қолиш муҳим аҳамиятга эга эди. 

Юрак трансплантацияси ўтказилгандан кейин Жени ва Томас ота-бола сифатида илиқ муносабатлар ўрнатишган. Шу боис Жени 6 август куни Санкт-Ансельмдаги черковда бўлиб ўтган тўй тантанасига Томасни таклиф қилди. Отасининг юраги кўчириб ўтказилиши натижасида омон қолган Томас бу таклифга рози бўлди. 

Тўй куни Томас Женини меҳробга кузатиб қўйди ва қиз ўзининг севимли инсони Полга турмушга чиқди. Томас ҳаттоки ота ва қиз рақсида ҳам иштирок этди. 

"Бу ҳақиқатдан ҳам ҳаётимдаги энг яхши кун бўлди", - деб ёзади Жени Facebook'даги саҳифасида. "Отамни уйимга олиб келиш ва унинг тўйимда иштирок этиши менинг азалий орзуим эди, ниҳоят орзуим амалга ошди!".

Ушбу тўйдан кейин Жени ва Томаснинг ҳикояси вирус каби тарқалди. 

"Агар мен донорликка доир биргина кишининг фикрини ўзгартира олган бўлсам ҳам, истагим амалга ошганидан ўзимни бахтиёр ҳис қилган бўлардим", - деб ёзади Жени Facebook тармоғида.