Bonhams кимошди савдо уйи 1935-йилда ишлаб чиқилган ҳамда иттифоқчи қўшинлар томонидан 1945-йили ўғирланиб, Германиядан олиб чиқиб кетилган Mercedes-Benz 500K Special Roadster машинасини сотувга қўйди. Ушбу ажойиб автомобиль беш миллиондан етти миллион еврогача сотилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Родстер немис саноатчиси Ҳанс Примга тегишли бўлиб, Иккинчи жаҳон урушидан кейин, машинасини ўзининг шаҳар ташқарисидаги қасрига яшириб қўйган бўлган. Прим ҳибсга олиниб, қамоққа ташланган, унинг «Мерседес»ини америкалик аскарлар топиб олишиб, АҚШга олиб чиқиб кетишган. 

2011-йили родстерни нидерландиялик автомобиль коллекционери Франс ван Харе 3,7 миллион доллар эвазига сотиб олганди. Шундан сўнг, ван Харе уни Германиянинг Эссен шаҳрида бўлиб ўтган классик машиналар кўргазмасига олиб борган, маҳаллий ҳукумат эса, «Мерседес»га эгалик қилиш ҳуқуқининг қонунийлигига шубҳа қилиб, транспорт воситасини мусодара қилганди.

2012-йили ван Харе ва Прим оиласи вакиллари ўртасида суд тортишуви бўлиб ўтган. Ҳамбург суди эса, иттифоқчи қўшинлар автомобилга ноқонуний эгалик қилишгани тўғрисида қарор чиқарган ҳамда машинани ўз эгасининг яқинларига тақдим этган. 

Mercedes-Benz 500K русумли родстер 1934-1936 йилларда ишлаб чиқилган. Унга беш литрли, бир қаторли саккиз цилиндрли мотор ўрнатилган бўлиб, 160 от кучига эга. Ушбу машинадан «родстер» кузовида жами 28 та ишлаб чиқилган.

Mercedes-Benz 500K Special Roadster савдоси 3-сентябрь куни Франциянинг Шантийи шаҳрида бўлиб ўтади.