9 августда АҚШ Давлат департаментининг расмий вакили Сурияда АҚШ фуқаросининг озод этилишидаги ёрдам учун Россияга миннатдорчилик билдирди. 

"Биз Россия ҳукуматининг АҚШ фуқароларининг Суриядаги манфаатлари йўлидаги барча ҳаракатлари учун миннатдормиз", деб айтди дипломат. Шу билан бирга у бирор-бир қўшимча маълумот бермади.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Сурияда қўлга олинган АҚШ фуқаросининг озод этилганини маълум қилганди. Путиннинг таъкидлашича, Вашингтон бир неча ой олдин Москвадан Сурияда қолиб кетган АҚШ фуқаросига уйига қайтишда ёрдам беришини сўраган. Москва илтимосга хайрихоҳлик билдириб, эркакни ҳеч қандай гаров пулисиз ва махсус операцияларсиз озод этишга муваффақ бўлди.