Австралиянинг Янги Жанубий Уэльс суди касби электрик бўлган Дэвид Скоттга нисбатан ҳукм чиқарди. У, Фейсбук ижтимоий тармоғида туҳмат мазмунига эга эълонни ёзгани учун 150 минг Австралия доллари миқдорида товон пули тўлайдиган бўлди, деб ёзмоқда Sydney Morning Herald. Скотт ўз хабарида 74 ёшли нафақахўр Кенет Росни баччабозларга кўмак беришда айблаган. 

Гап шундаки, 2014-йили австралиялик электрик Дэвид Скотт Фейсбукдаги саҳифасида мактабнинг собиқ директор ўринбосари, нафақахўр Кеннет Росга туҳмат қилиб, унинг Намбукка соҳилбўйи шаҳридаги «Blue Dolphin» ва «Nirvana Village» меҳмонхоналари баччабозлар қароргоҳи эканини иддао этган. 

Шундан сўнг, Росга таҳдидли ҳамда жинсий хизматлар кўрсатишни талаб қилиб қўнғироқлар бўла бошлаган. Фойдаланувчилар, бу хабарнинг нақадар асосли эканини текширмасдан ҳавола қилишда давом этган. Ҳатто, Намбуккадаги маҳаллий жиноятлар ҳақида маълум қилувчи «Nambucca Valley Crime Information» гуруҳида ҳам эълон қилинган. 

Бир неча бор ҳужумга учраган нафақахўр 6 ой шифохонада даволаниб чиқишга ҳам мажбур бўлгани етмаганидек, бошқа жойга кўчишига тўғри келган. У, Скоттдан узр сўрашни ва ўз эълонини рад этишни талаб қилган бўлса-да, Скотт бу талабларни рад этган

Штат судъяси қарорига кўра, ижтимоий тармоқдаги хабар «ҳеч қандай асоссиз» равишда эълон қилинган ва «меҳмонхона эгасига жиддий талофат етказган»и боис, туҳматчи маънавий зарар ўрнини тўлдириш мақсадида 150 минг Австралия доллари (115 минг АҚШ долларига яқин) миқдорида товон тўлаши керак. 

Дэвид Скотт ўзининг Фейсбукдаги эълонига изоҳ беришича, у жамоатчиликни ота сифатида эҳтимолий таҳдиддан огоҳлантирмоқчи бўлган.