Бразилия Федерал сенати (парламент юқори палатаси) аъзоларининг кўпчилик қисми 9 август, сешанба куни аввалроқ мамлакат президенти лавозимидан вақтинчалик четлаштирилган Дилма Руссеффга нисбатан импичмент жараёнини давом эттиришни ёқлаб овоз беришди - 59га 21 нисбатида. Унинг тақдири ҳал қилинган мажлис 15 соатдан ортиқ вақт давом этган.

Юқори палатанинг пленар мажлисини сенатор Антониу Анастасиа очиб берди. У депутатларни Руссеффнинг истеъфоси зарурлигини асослашга йўналтирилган ҳисоботидан парчалар билан таништирди. Шундан сўнг қолган 80 сенаторнинг ҳар бири ҳамкасблари қаршисида 10 дақиқадан чиқиш қилиш имкониятига эга бўлди. Ниҳоят, сўз навбати Руссеффнинг истеъфоси жараёни ташаббускорлари ҳамда президент адвокатига берилди — ҳар бир томонга ярим соатдан вақт ажратилди. Барча чиқишлар якунлангач, сенаторлар овоз беришга киришишди.

Бразилия қонунчилигига кўра, жараённинг якуний босқичида сенаторлар Руссеффга қарши сурилган айбловларни яна бир марта таҳлил қилади, ҳимоя томони ва гувоҳларни тинглайди, сўнг президент истеъфоси масаласи бўйича қайтадан овоз беради. Якуний ҳукм август охири — сентябрь бошида чиқарилиши кутилмоқда.

Руссеффнинг импичменти тарафдорлари уни молиявий қонунбузарликларда айбламоқда. Жумладан, президент иккинчи мандатининг дастлабки ойларида парламент билан маслаҳатлашмай бюджет маблағларини ажратиш борасида бир қанча фармонларни имзолашда ҳамда давлат банкларига ажратиладиган тўловларни ортга суришда айбланган.