Шарқ яккакураши устаси, афсонавий актёр ва "XX  асрнинг файласуфларидан бири" Брюс Лининг махфий мушоҳадалари биринчи марта нашр юзини кўрди - уларни Brain Pickings сайти тақдим этди.

Брюс Ли фалсафани ҳаётининг ажралмас қисми деб ҳисоблаган. Унинг 1968 йилги фалсафий ёзувларини чоп этган манбага кўра, Ли миясига келган фикрни ёзиб қўйиш учун ҳатто машғулотларини тўхтатиб турарди. Қуйида унинг бир неча фалсафий мушоҳадаларини эътиборингизга ҳавола этамиз. 

Ирода ҳақида

"Мен миямнинг барча бўлимлари учун иродани олий суд сифатида тан олиб, мақсад сари ҳаракат қилишда уни ҳар куни қўллайман; мен бир кунда бир марта бўлса ҳам уни қўллашни одат тусига айлантирганман". 

Ҳис-туйғулар ҳақида

"Ҳис-туйғуларим ҳам ижобий, ҳам салбий бўлишини инобатга олиб, мен кўпроқ ижобий ҳис-туйғуларни ҳис қилишни одат тусига айлантираман, салбий ҳиссиётларни эса бирор бир фойдали фаолиятга сарфлайман".

Ҳаёт ҳақида

"Ҳаётдан ўзинг кутганингдан ортиқ нарсани ололмайсан. Фикрларингни жамлаб, нимани исташинг ва истамаслигинг ҳақида аниқ қарорга келиб ол. Атрофингда содир бўлаётган воқеаларга хотиржам муносабатда бўл. Ўзинг йўл қўймасанг, ҳеч ким сени хафа қила олмайди".

Киноактёр, режиссёр, продюсер, сценарийнавис ва асосийси - шарқ яккакураши устаси Брюс Ли 1940 йилнинг 27 ноябрида Сан-Францискода таваллуд топган. У болалигидан фильмларда суратга туша бошлаган. Ли Вашингтон университетида таҳсил олган. Унинг иштирокидаги "Катта хўжайин" (1971) ва "Ғазабнок мушт" (1972) фильмлари мисли кўрилмаган муваффақиятга эришган. 

Брюс Ли 1973 йилнинг 20 июлида Ҳонконгда бош оғриғи дорисини ичиб, ҳаётдан эрта кўз юмган. "Аждарҳонинг чиқиши" (1973) картинаси Брюс Лининг сўнгги фильми бўлиб, у актёрнинг ўлимидан бир неча ҳафта ўтиб экран юзини кўрган.