Фарғонада теннис бўйича ўсмирлар ўртасида «Fergana CUP – 2016» халқаро турнири давом этмоқда. Бу ҳақида «ЎзА» хабар бермоқда. 

Ўзбекистон теннис федерацияси ва Халқаро теннис федерацияси (ITF)  томонидан ташкил этилган мазкур мусобақада ўнга яқин давлатдан юздан зиёд ёш спортчи бош соврин учун баҳс олиб бормоқда. 

Ўғил болалар ўртасидаги яккалик баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Шаробиддин Абзалов қозоғистонлик Диас Меирбекни 6:2, 7:5 ҳисобида мағлубиятга учратиб, иккинчи даврада россиялик Данил Севелев билан куч синашадиган бўлди. Шунингдек, ўзбекистонлик ёш теннисчилардан Азизхон Турғунов ва Темур Сотимов ҳам дастлабки даврада ғалаба қозонди.

Қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларида ўзбекистонлик теннисчилардан Камола Умарова, Лайло Баҳодирова, Юлия Ким, Фариза Абдуллаева, Шаҳноза Ҳотамова, Ясмина Каримжонова, Гулсина Ҳалимуллина ва Элина Шарипова рақиблари устидан зафар қучиб, иккинчи даврага йўл олди.