Бугун Рио Олимпиадасининг бешинчи кунги мусобақаларида уч нафар боксчимиз рингга кўтарилади.

Олимпия ўйинларида иккинчи марта иштирок этаётган боксчимиз Фазлиддин Ғоибназаров (-64 кг.) ушбу Олимпиададаги илк жангини конголик Дивал Малонгога қарши ўтказади.

Боксчимиз бўлажак жангдан олдин ўз фикрларини билдирар экан, унга пухта тайёргарлик кўрганлиги ва мураббийлар билан рақибларини яхши ўрганиб чиққанлиги таъкидлаб ўтди.

– Айни дамда барча боксчимизнинг кайфияти яхши. Буни ортда қолган жанглардаги ғалабалардан ҳам билса бўлади. Олдимизда кўплаб жанглар турибди. Барчамиз фақат ғолибликни мақсад қилганмиз. Бунинг учун машғулотларда мураббийлар билан хатолар устига қаттиқ меҳнат қилдик. Ўйлайманки, Олимпиада беллашувларига тайёрман. Мақсадим фақат олтин медални қўлга киритиш, – дейди боксчимиз Sports.uz интернет порталига.

– Хурсанд қиладиган воқеалардан бири 8 август куни иккинчи марта ота бўлдим. Бу бўлажак жанг олдидан менга яна куч беради. Насиб қилса, яқинлашиб келаётган Ватанимизнинг 25 йиллик Мустақиллик байрамига олтин медал совға қилишни мақсад қилганман. Бунинг учун барча имкониятларимни ишга соламан.