Яқин орада Манхэттеннинг ғарбий томонидаги Гудзон дарёсида улкан бетон кессонларда сузувчи Картиналар галереяси, Google компаниясининг идоралари ва супермаркет яқин орада ҳақиқатга айланиши мумкин. Нью Йоркнинг диққатга сазовор архитектура иншоотларидан бири - пирс-57 қайта таъмирлангач, бунинг имконияти пайдо бўлади. 

У 1957-йили ноёб технология асосида барпо этилган бўлиб, унга кўра, ўта йирик ҳажмли бетон полли конструкциялар, яримчўккан ҳолатда сув юзасига жойланган. Уларнинг ўлчами ҳам кишини ҳайратга солади: узунлиги 108 метр, эни 38 метр ва баландлиги 10 метр. Бетонли пирсни лойиҳалаштирган муҳандис Эмил Прагер дастлаб, бу ғояни 1944-йили иттифоқчи қўшинларнинг Нормандияга тушишида қўллаган. 

Пирс учун бетонли кессонлар Нью Йоркдан 60 км узоқликда Гудзон дарёси қирғоғида қуйилган. Улар тайёр бўлгач, ҳар бири 27 минг тонна келадиган 3та кессон атиги 13 соат ичида Манхэттеннинг ғарбий соҳилига тортиб келинган. 

"Ушбу пирс ҳақиқатдан ноёбдир, - деб ёзади The New York Times. – Мутахассисларга кўра, дунёнинг бошқа бирон жойида шундай иншоот барпо этилгани маълум эмас. Шу боисдан у Миллий тарихий диққатга сазовор жойлар рўйхатига киритилган". 

Эндиликда, пирс-57да таъмирлаш ишлари ўтказилади. The New York Times газетасининг ёзишича, бир гуруҳ девелоперлар уни 97 йилга ижарага олишган. Улар, таъмирлаш ишларига 350 млн доллар сарфлашни режалаштиришган. Пирснинг ўзида, Google компаниясининг идораси ва озиқ-овқат супермаркети жойлашади, кессонлар ичида - автотураргоҳ, омборхона ва эҳтимол Картина галереяси жойлашиши мумкин.