Туркияда 15 июль оқшомида ҳарбий давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган исёнчилар агар ўз мақсадларига эришишганида Туркия Ҳарбий ҳаво кучларининг собиқ бош қўмондони, генерал Ақин Ўзтуркни мамлакат президенти этиб тайинламоқчи бўлишган. Бу ҳақда прокуратурадаги манбасига асосланган ҳолда Hurriyet хабар тарқатди.

Тергов маълумотларига кўра, исёнчиларнинг ҳукуматни тақсимлаб олиш режаси ифодаланган рўйхат тузилган. Унга кўра, Ўзтурк Туркиянинг амалдаги президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ўрнини эгаллаши кўзда тутилганди.

Нашрнинг қайд этишича, исёнчиларнинг режалари Туркия Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Хулуси Акарнинг фаол аралашуви ортидан барбод бўлганди.

Терговнинг аниқлашича, фитначилар муваффақият қозонган тақдирда Акар ўз вазифасини бажаришда давом этиши, унинг ўринбосари лавозимини эса генерал Мехмет Дишли эгаллаши мумкин эди. 

Акин Ўзтурк олдинроқ ўз кўрсатмаларида Хулуси Акар билан тил бириктирганини маълум қилганди. 

Anadolu агентлиги сайти тергов жараёнидаги Ўзтурк исён ташкилотчилиги бўйича айбловга иқрор бўлгани ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ бу хабар сайтдан олиб ташланди.

16 июлга ўтар кечаси ҳарбий исёнчилар Анқара ва Истанбулга танклар билан кириб, Туркияда давлат тўнтариши амалга оширишга уринишди. Ҳукумат халқ ёрдамида бу исённи бостирди. Охирги маълумотларга кўра, қарама-қаршиликлар вақтида тинч аҳол вакилларидан 246 киши ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Исёнчиларнинг талофатлари ҳисобланмаган.

Ҳукумат мухолифат етакчиси, АҚШда истиқомат қилувчи уламо Фатҳуллоҳ Гуленни исён илҳомчиси сифатида айблади.

Исённинг кейинги кунларида олиб борилган ялпи тозалаш тадбирлари давомида ҳарбийлар, полициячилар, судялар, ўқитувчилар ва бошқа давлат хизматчилари бўлган 60 мингдан ортиқ киши Гуленга алоқадорликда гумон қилиниб ишдан ҳайдалди. Шунингдек, 25 мингга яқин киши исёнга алоқадорлиги гумон қилиниб, қўлга олинди, улардан 16 мингдан ортиғи ҳибс қилинган.

21 июль куни мамлакатда 3 ой муддатга фавқулодда вазият тартиби киритилди.